“Загранпаспорт”ни олиш осонлаштирилди

“Загранпаспорт"” учун тақдим этилиши лозим бўлган маълумотномалар сони қисқартирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш бўйича экстерриториал тамойил асосида исталган Давлат хизматлари маркази ёки ички ишлар органларига мурожаат қилиши мумкин. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, айни вақтда қоғоз кўринишидаги ариза-анкетани тўлдириш амалиётидан тўлиқ воз кечилиб, фақатгина электрон сўровнома тўлдириш механизми жорий этилган.
Айрим мураккаб ҳолларда хизмат олувчилар томонидан тақдим этилиши лозим бўлган қатор маълумотнома ва справкалар қисқартирилган.
Хусусан, 18-27 ёшдаги ҳарбий хизматга мажбурлар учун – ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхасини тақдим этиш талаби бекор қилинган.
Бундан ташқари, вояга етмаган шахсларга паспорт олиш учун ота-оналар биргаликда мурожаат қилган ҳолларда, улардан нотариал тасдиқланган розиликни талаб қилинмайди.
Давлат хизматини кўрсатишнинг тегишли босқичлари автоматик равишда смс-хабар йўллаш орқали хабардор қилиб борилади, шунингдек ЯИДХП ёки Давлат персоналлаштириш марказининг расмий веб-сайти орқали текшириб олиш имконияти яратилади.
Вояга етмаган шахсларга хорижга чиқиш паспорти беришда ушбу вояга етмаганнинг ҳамроҳлик қилувчиси отаси ва (ёки) онаси бўлса, улардан ҳамроҳлик қилувчининг нотариал тасдиқланган мажбурияти талаб этилмайди.