Самарқанддаги 16 та кўча 4 кунга ёпилади - чизма

Самарқанд шаҳрининг 16 та кўчасида автомобиль ҳаракати вақтинча чекланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити муносабати билан 14-17 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрига кириш йўллари ёпилади. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 14 сентябрдан 17 сентябрга қадар Самарқанд шаҳрининг Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет ҳиёбони, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Регистон, Рўдакий, Шохизинда, Усто Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий ва Даҳбед кўчаларида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланади.
Ҳаракат қатнови чекланган кўчаларда тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади.

“Шу муносабат билан вилоят ҳудудидан транзит ўтувчи транспорт воситалари учун айланма ҳаракат ташкил этилганлигини ва махсус флайерлар ишлаб чиқилганлигини маълум қиламиз”, - дея қўшимча қилинган хабарда.

Транзит ўтувчи енгил транспорт воситаларини Самарқанд шаҳрини айланиб ўтиш автомобиль йўлларининг чизмаси
Ҳайдовчилар флайердаги QR код орқали йўлларда ҳаракатланишлари учун рухсат этилган айланма йўллардан мобил илова орқали ҳам кўришлари мумкин.
“14-15-16 ва 17 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрига келмоқчи бўлган фуқаролардан ташрифларини бошқа муддатга кўчиришларини сўраб қоламиз”, - дейилади хабарда.