Назарбоев президентлик сайловларида яна қатнаша оладими?

Қозоғистон адлия вазири ўринбосарига кўра, Нурсултон Назарбоев кузда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловларида иштирок эта олмайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев кузда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловларида иштирок эта олмайди. Бу ҳақда Қозоғистон адлия вазири ўринбосари Алма Муканова парламент йиғилишида маълум қилди, дея хабар берди Sputnik Қозоғистон.
Қайд этилишича, Конституциянинг амалдаги нормасига кўра, президент кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас. Ваҳоланки, аввалроқ биринчи президент мақоми тўғрисидаги қонунда Назарбоевга чексиз кўп марта сайланиш имконини берувчи банд бор эди.
“Референдумда қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, Конституциядан президентликка кетма-кет икки мартадан ортиқ сайланиш талаби биринчи президентга тааллуқли эмаслиги ҳақидаги банд чиқариб ташланди”, - дейди Муканова.
Демак, Нурсултон Назарбоев бўлажак навбатдан ташқари президентлик сайловларида давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари сура олмайди.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайлови, 2023 йилнинг биринчи ярмида эса парламентга навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини маълум қилган эди.
Шунингдек, давлат раҳбари президент ваколатларини ҳозирги икки йилдан беш йилгача эмас, балки етти йиллик муддат билан бир марта тайинлашни таклиф қилди. Шунингдек, у сайловдан кейин парламентга тегишли ташаббус билан чиқишини айтди. Қозоғистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йилда бўлиб ўтиши керак эди.
Қозоғистон мустақилликка эришганидан бери навбатдан ташқари президентлик сайловлари тўрт марта ўтказилди: 1999 йил 10 январь, 2011 йил 3 апрель, 2015 йил 26 апрель ва 2019 йил 9 июнь.
Кейинги президентлик сайловлари атиги икки марта бўлиб ўтди: 1991 йил 1 декабрь ва 2005 йил 4 декабрь.