Ғарб давлатлари Украина НАТО таркибида бўлганидек ҳаракат қилмоқда - сиёсатчи

Бекманнинг қайд этишича, Шимолий Атлантика альянси ўз ҳаракатлари билан Украинани Россияга қарши қуролга айлантирган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Украинага Ғарб қуролларини етказиб бериш НАТО низомининг бешинчи моддасини қўллаш доирасида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда фин сиёсатшуноси Йохан Бекман маълум қилди.
“НАТО давлатларининг Украинага қурол етказиб бериши НАТО низомининг альянснинг барча аъзоларини ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги бешинчи моддасини қўллашдир. Ғарб давлатлари худди Украина НАТО таркибида бўлгандек ҳаракат қилади”, деди Бекман.
Унинг қайд этишича, Шимолий Атлантика альянси ўз ҳаракатлари билан Украинани Россияга қарши қуролга айлантирган. Шу билан бирга, Бекман Украинага қурол етказиб бериш Киевнинг блокдан ташқари мақоми туфайли ноқонуний эканлигига эътибор қаратган.
“Бу халқаро ҳуқуқнинг бузилиши. Агар Украина НАТО аъзоси бўлганида, бу қонуний бўларди. Лекин ҳозир эмас”, деб тушунтирди сиёсатшунос.
24 февралдан бери Россия Украинани денацификация ва демилитаризация қилиш бўйича ҳарбий махсус операция ўтказмоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг вазифаси “саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Россия президентининг сўзларига кўра, якуний мақсад Донбассни озод қилиш ва Россиянинг ўзи хавфсизлигини кафолатлайдиган шарт-шароитларни яратишдир.