Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Махсус операцияда ғалаба қозониш учун Россия етарли ресурсларга эга — Матвиенко

Федерация кенгаши спикери Россия жанг майдонида нафақат Украина қуролли кучлари, миллатчи батальонлари, балки Ғарб, НАТО билан ҳам тўқнаш келаётганини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Россияда Украинадаги махсус ҳарбий операцияда ғалаба қозониш учун етарли ресурслар бор. Бу ҳақда Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко маълум қилди.

“Шубҳасиз, бизда ғалаба қозониш учун етарли ресурслар – нафақат моддий ресурслар, балки интеллектуал, маънавий ресурслар ҳам бор. Мана, олти ой ўтиб, мамлакатимиз бошига келаётган таҳдид қанчалик катта бўлгани, махсус ҳарбий операция ўтказиш қарори қанчалик ўз вақтида қабул қилингани аён бўлди”, - дейди Матвиенко.

Унинг сўзларига кўра, жанг майдонида нафақат Украина қуролли кучлари, нацист батальонлари, балки Ғарб, НАТО билан ҳам тўқнаш келинмоқда.

“Операция натижалари нафақат мамлакатимизнинг яхлит, суверен, кучли давлат сифатида мавжудлигини, балки у тугаганидан кейин дунё қандай бўлишини ҳам белгилайди”, - деб ҳисоблайди Россия Федерация кенгаши раиси.

Матвиенко Қуролли кучлар энг замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлангани, россиялик ҳарбий хизматчилар инсонпарвар ҳаракат қилаётганини таъкидлаган.

“Улар тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланмайди, шаҳар кварталларини ўққа тутмайди, ижтимоий ва коммунал инфратузилмани вайрон қилмайди”, - деган парламентарий.

24 февралдан бери Россия Украинани денацификация ва демилитаризация қилиш бўйича ҳарбий махсус операция ўтказмоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг вазифаси “саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Россия президентининг сўзларига кўра, якуний мақсад Донбассни озод қилиш ва Россиянинг ўзи хавфсизлигини кафолатлайдиган шарт-шароитларни яратишдир.