Эркинов келажакда Шомуродов сингари Европа чемпионатларида ўйнашни хоҳлашини айтди

Москванинг “Торпедо” клуби ярим ҳимоячиси Италия ва Испания чемпионатларида тўп суришни исташини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Москванинг “Торпедо” клуби ярим ҳимоячиси Ҳожимат Эркинов Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги шериги, ҳозир Италиянинг “Рома” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган футболчи Элдор Шомуродов изидан бориш истаги борлигини тан олди.

“Шомуродов тарихини қайтариш истаги борми – Россиядан Европага кетиш? Ҳа, албатта. Шу мақсадда бу ерга келдим. Ўзим Италия ва Испания чемпионатларида ўйнашни истаган бўлар эдим”, - деди Эркинов Sport24 нашри билан суҳбатда.

Футболчининг сўзларига кўра, у Элдор Шомуродов билан кўп мулоқот қилиб туради. Суҳбатларда маълум бўлишича, Шомуродов жамоасининг асосий таркибида ўйнашни хоҳлайди, лекин "Рома"да буни амалга ошириш қийин бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида “Торпедо” клуби ўзбекистонлик 21 ёшли Ҳожимат Эркинов билан уч йиллик шартнома имзолаган эди. Футболчи Москва клубига “Пахтакор”дан ўтди.
Эркинов Россия премьер лигасида “Торпедо” сафида 6 та ўйинда қатнашди ва ҳозирча гол уришга муваффақ бўлмаган.