Тошкент аэропортида аниқланган тимсоҳ болалари ҳайвонот боғига топширилди – фото

Мисрдан учиб келган фуқаро 56 бош тирик тимсоҳ болаларини Ўзбекистонга ноқонуний олиб ўтишга уринди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Тошкент халқаро аэропортида 56 бош тимсоҳ болаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Давлат божхона қўмитаси хабарига кўра, тимсоҳ болалари Қохира-Тошкент йўналишида учиб келган фуқаронинг юклари кўздан кечирилганда аниқланган. Йўловчи уларни сабзавот ва мевалар солинган пластик идишларда сақлаган. Божхоначиларни чалғитиш ва тимсоҳлар ҳаракати сканерда аниқланмаслиги учун контейнерларни фольгага ўраган.
1 / 4
2 / 4
3 / 4
4 / 4
Маълумотларга кўра, мазкур тимсоҳ болаларининг умумий қиймати 918,5 миллион сўмни ташкил қилади.
Давлат экология қўмитаси маълумотларига кўра, аниқланган тимсоҳ болаларининг ташқи кўриниши Нил тимсоҳи Crocodylus niloticus'га ўхшайди.
Қўмита ва "Тошкент-АЭРО" чегара ветеринария пости ходимлари тимсоҳ болаларини Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширган. Ҳайвонот боғи ходимлари тимсоҳчаларнинг аҳволини қониқарли деб баҳолашмоқда.