Сайёҳларга кешбэк, ҳомиладорлик нафақаси, қўшимча устамалар: 1 сентябрдан нималар ўзгаради

Биринчи сентябрдан киракашлик ўзини ўзи банд қилиш ҳисобланади, айрим спорт, тиббиёт, халқ таълими ходимларига устама тўланади, автомобиллар техник кўрикдан ихтиёрий ўтказилади – батафсил Sputnik материалида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида 1 сентябрдан қатор ўзгаришлар рўй беради.

Фуқароларга ички саёҳатлар харажатларининг бир қисми қайтарилади

Фуқаролар учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида республика бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш (“Cashback”) тартиби жорий этилади.

Киракашлик ўзини ўзи банд қилиш ҳисобланади

Фуқаролар ва йўловчи ташиш лицензиясига эга юридик шахслар ўртасидаги транспорт ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаб қилинмайди.
Бунда мазкур шартномалар солиқ органларида электрон ҳисобга олинади.
2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охиригача:
4 тадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга транспортларда йўловчи ташиш ўзини ўзи банд қилиш деб қаралади ва ушбу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилади;
лицензия варақаси беришда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади.

Айрим нодавлат ташкилотлар “Электрон ҳукумат” маълумотларидан фойдаланиши мумкин

Қуйидаги нодавлат ташкилотларга “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади:
тижорат банклари;
телекоммуникация ташкилотлари;
хусусий тиббиёт муассасалари;
нодавлат таълим ташкилотлари;
суғурта ташкилотлари.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади

Бунда ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади.
Келгусида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бериладиган нафақалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали босқичма-босқич тўланади.

Ишлаб чиқарилганига 10 йилгача бўлган автомобиллар техник кўрикдан ихтиёрий ўтказилади.

- 1 сентябрдан жисмоний шахсларга тегишли ишлаб чиқарилганига 10 йилгача бўлган енгил автомототранспортлар техник кўрикдан ихтиёрий равишда ўтказилади;
- енгил автомототранспортлар қуйидаги муддатларда мажбурий техник кўрикдан ўтказилади:
- ишлаб чиқарилганига11 йилдан 14 йилгача бўлган енгил автомототранспортлар – 2 йилда бир марта;
- ишлаб чиқарилганига15 йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомототранспортлар – 1 йилда бир марта.
Бунда мазкур муддатлар тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолиятида фойдаланиладиган енгил автомототранспортлар учун татбиқ этилмайди.

Оилавий боғчаларга 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат берилади

Оилавий нодавлат боғчаларда:
- қатнаётган ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари ва махсус контингентлар сони тарбияланувчилар сонининг 70 фоизидан кам бўлганда, етмаган қисмига бошқа оилаларнинг болаларини қабул қилишга рухсат этилади;
- тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчи лавозимлари учун 4,5 тагача штат бирлигини ажратишга рухсат этилади;
тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчиларга бюджетдан иш ҳақини қоплаш учун субсидия тўғридан-тўғри ушбу ходимларнинг пластик картасига ўтказиб берилади;
Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган боғчаларда, оилавий боғчаларда:
- бюджетдан тўланадиган субсидия ва компенсацияларни ҳисоблашда 3 ёш ва ундан катта ёшдаги, лекин 7 йил 8 ойдан катта бўлмаган ёшдаги тарбияланувчилар ҳисобга олинади;
- ота-оналар тўлови миқдорини мустақил равишда белгилаб 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат этилади.

Автомобилларни бошқариш учун ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон расмийлаштириш йўлга қўйилади.

Электрон ишончномани нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди ва у ЙПХ ходимлари томонидан электрон текширилади.
Электрон ишончнома учун давлат божи ишончномани нотариал тасдиқлаш учун белгиланган давлат божига (БҲМнинг 3 баравари – 900 минг сўмга) нисбатан қуйидаги фоизларда ундирилади:
бир ойгача бўлган муддатга – 10 фоиз (90 минг сўм);
олти ойгача бўлган муддатга – 50 фоиз (450 минг сўм);
уч йилгача бўлган муддатга – 100 фоиз (900 минг сўм).

Спорт мактаблари айрим ходимларига устамалар тўлаб берилади

Спорт мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкасига ўқувчи-спортчилар эришган юқори спорт натижаларидан келиб чиқиб ҳар ойда устамалар тўлаб берилади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги спорт мактаблари тренерларининг базавий тариф ставкалари 1 сентябрдан ўртача 1,35 бараварга оширилади.

Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга ёрдам пули берилади

Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети” жорий этилади.
Ёрдам пули ҳар бир кўмак олувчига унинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш учун тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга ошириш учун бир марта берилади (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида – 9 млн 200 минг сўм).

Якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади.

Якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади.
Якка тартибдаги оилавий шифокорларга ўзига бириктирилган аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлар учун тўлов Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали берилади;
Якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш тажрибаси дастлаб 2022 йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг таълим олиши қўллаб-қувватланади

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар техникум, коллеж, академик лицей ёки олий таълим муассасасида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.

"Е-Антикоррупция" лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади:

У қуйидагиларни назарда тутади:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш;
“Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри”ни шакллантириш ва юритиш;
коррупциявий хавф-хатарларни қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш ва тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали бартараф этиш.
Лойиҳа “E-Anticor.uz” электрон платформасида амалга оширилади.

Концерт-томоша фаолияти лицензияси учун давлат божини ундириш тартиби ўзгаради

Давлат божи ставкалари пасайтирилади:
I рейтинг гуруҳи учун БҲМнинг 20 баравари;
II рейтинг гуруҳи учун БҲМнинг 10 баравари;
III рейтинг гуруҳи учун БҲМнинг 3 баравари;
Қуйидаги санъаткорлар давлат божини тўлашдан озод этилади:
ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга;
ногирон;
таълим муассасаларида ўқийдиган талабалар – ўқиш муддати давомида;
Юридик шахс ташкил этган ижодий жамоалардан давлат божи ягона лицензия бўйича ундирилади.

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ходимларга устамалар белгиланади

ХТВ умумий ўрта таълим муассасаларида:
умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:
халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида;
ДТМнинг миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама:
2025 йил 1 январга қадар — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
2025 йил 1 январдан бошлаб — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида тўланади.

Илмий даражага эга тиббиёт ходимларининг лавозим маоши кўтарилади

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

Кўп квартирали уй-жойлар зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказилади

Республиканинг сейсмик фаол зоналарида янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифагамансуб объектларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартиби жорий этилади.

Мактаблар рейтинги шакллантирилади

Умумий ўрта таълим муассасаларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳолатини баҳолаш ва рейтингни юритиш учун туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари бошлиқлари раҳбарлигида махсус комиссиялар тузилади.
Умумий ўрта таълим муассасалари рейтинг кўрсаткичлари асосида "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга ажратилади.
Рейтинг кўрсаткичлари асосида "қизил" тоифага киритилган умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларидаги корхоналар учун имтиёзлар берилади

1 сентябрдан бошлаб меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестри жорий этилади.
2025 йил 1 январга қадар Реестрга киритилган ҳудудлардаги умумий ходимлари сони камида 10 нафар бўлган ва уларда ишловчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган кичик тадбиркорлик субъектларига:
Реестрга киритилган ҳудудда жойлашган объектлар бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи 50 фоиз имтиёз қўллаган ҳолда ҳисобланади;
уларда ишловчи хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондига ижтимоий солиқ 1 фоизлик ставкада ҳисобланади;
бюджет ташкилотларига йиллик умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 750 бараваригача бўлган маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади;
Улар томонидан кўчмас мулк ижарага олинганда имтиёзлар берилади.