Москва компаниялари Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтирмоқчи

Россия пойтахтидан 15 та компания тиббиёт, қурилиш, IT ва озиқ-овқат каби соҳаларда ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Москва компанияларининг Ўзбекистондаги бизнес миссияси ниҳоясига етди. Бу ҳақда Россиянинг республикадаги савдо ваколатхонаси маълум қилди.
У 29-30 август кунлари Москва экспорт маркази кўмагида ўтказилди. Унда Россия пойтахтидан 15 та компания иштирок этди. Улар тиббиёт, қурилиш, IT ва озиқ-овқат каби соҳаларда ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Ташрифнинг биринчи куни панел муҳокамаси бўлиб ўтди. Иштирокчилар Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришнинг асосий жиҳатларини ҳамда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Шунингдек, маҳсулотларни республика бозорига олиб чиқишнинг энг мақбул вариантлари, мамлакатда ваколатхоналар очиш хусусиятлари, сертификатлаштириш ва бошқа масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Тадбир ўзбекистонлик потенциал ҳамкорлар билан В2В музокаралари билан давом этди. Иштирокчилар якуний куни Россиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили Константин Злигостев билан тадбирнинг дастлабки натижаларини муҳокама қилди.