ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Кузда коронавирус янада авж олиши кутилмоқда. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, дунё эпидемиологлари ушбу фаслда коронавирус янада тез суръатларда тарқалиши мумкин, деган хулосада.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюгенинг маълум қилишича, бу даврда касалланишлар сони кескин ўсиши кутилмоқда.
“Европа минтақасида пандемия бошланганидан буён COVID-19ни юқтирган беморлар сони бир неча ҳафта ўтиб 250 миллион нафарга етади”, дейди у.
Ханс Клюгенинг сўзларига кўра, ўтган даврда коронавирусга қарши кураш борасида катта натижаларга эришилганига қарамасдан ҳали инфекция кенг тарқалишда давом этмоқда.
Шифохоналарга ҳамон бу касалликка чалинган беморлар ётқизилмоқда ва ҳануз жуда кўп ўлим ҳолатлари кузатилмоқда.
Ўтган ҳафтанинг ўзида Европа минтақасида 3 минг нафарга яқин киши мазкур хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу дунё бўйича 22-28 август кунлари коронавирусдан вафот этганларнинг учдан бир қисмини ташкил қилади.
Ҳозирда жаҳондаги кўплаб мамлакатлар эмлаш жараёнини узлуксиз давом эттирмоқда.
Таъкидланишича, Европада ҳали вакцина олмаган миллионлаб кишилар бор.
ЖССТ вакили одамларнинг эмланиши учун зарур чораларни топиш ва бу мавсумда грипп эпидемиясига қарши вакциналарни ҳам қўллашга алоҳида эҳтибор қаратиш зарурлигини қайд этди.