АҚШда маймун чечаги билан касалланган биринчи бемор вафот этди

Марҳум Харрис округида яшовчи иммунитети заиф кекса одам бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Америка Қўшма Штатларининг Техас штатидаги шифокорлар маймунчечак билан касалланган беморнинг ўлими ҳақида маълум қилди. Бу АҚШда касаллик қайд этилганидан бери биринчи ўлимдир, дея хабар берди РИА Новости.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш департаментининг маълумотига кўра, марҳум Харрис округида яшовчи иммунитети заиф кекса одам бўлган.
“Унинг ўлимида маймун чечаги қандай рол ўйнаганини аниқлаш учун текширув ишлари кетмоқда. Экспертиза натижалари кейинроқ эълон қилинади”, - дейилади хабарда.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, маймун чечаги билан касалланган одамнинг ўлими билан боғлиқ ҳодиса мамлакатда илк марта кузатилмоқда.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш федерал марказларининг маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда маймунчечак инфекциясининг 18 мингдан ортиқ ҳолати қайд этилган.
Маймун чечаги камдан-кам учрайдиган вирусли инфекция бўлиб, у одамлар орасида ҳам юқади. Бу одатда енгил ҳолат бўлиб, кўпчилик бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади, аммо баъзиларида асоратлар пайдо бўлиши мумкин. Маймун чечагининг дастлабки белгиларига иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, шишган лимфа тугунлари, титроқ ва чарчоқ киради. Кўпинча юздан бошланиб, кейин тананинг бошқа қисмларига тарқаладиган тошма пайдо бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда маймун чечаги касаллиги қайд этилмаган. Касалликнинг республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида “Маймун чечаги услубий қўлланмаси” лойиҳаси тайёрланган. Республика чегара-божхона постларида санитария-карантин пунктларининг иш фаолияти кучайтирилган.