ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Ўзбекистонда ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларнимахсус гувоҳномаларсиз сақлаш тақиқланиши кутилмоқда.
Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритишга оид қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Қонун лойиҳаси билан ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан томонидан бериладиган махсус гувоҳномаларсиз юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан сақлаш тақиқланмоқда.
Ҳайвонлар рўйхатини Вазирлар маҳкамаси тасдиқлайди. Таъкидланишича, сўнгги вақтларда ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни жамоат жойларида олиб юриш, тўй, маърака, юбилей ҳамда бошқа оилавий тадбир ва маросимларда улар билан бирга келиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
“Бу эса ўз навбатида, атрофдаги бошқа фуқароларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун жиддий хавф туғдириб, кўнгилсиз ҳолатларнинг юзага келишига олиб келмоқда”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, республика Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда Фанлар академияси билан келишган ҳолда ташкил этиладиган махсус питомникларда сақлаш учун ҳам махсус гувоҳнома олиш керак бўлади.
Бундан ташқари, ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни ҳайвонот боғлари, террариумлар, цирклар, океанарийлар, дельфинарийлар, табиий питомниклар, илмий ва ўқув мақсадлари учун илмий ва таълим ташкилотларида сақлаш ҳам махсус гувоҳнома асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.