ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Киев нима қилса ҳам, Херсон вилояти ҳеч қачон Украина назорати остига қайтмайди. Бу ҳақда вилоят маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов маълум қилди.
“Улар нима ваъда қилмасин, нима қилмасин, бугун бизда мавжуд бўлган ва қўлга киритилган адолатга қарши курашишга қанчалик уринмасин Херсон вилояти ҳеч қачон нацистлар назорати остига қайтмайди”, деди Стремоусов журналистларга.
Унинг сўзларига кўра, Херсон Россия шаҳри бўлган, ҳозир ҳам шундай ва шундай бўлиб қолади, барча ҳужумлар бефойда.
“Бугун урушга кириб, қандайдир тарзда нацизмнинг тушунарсиз ғояси билан яшашга уринаётганларнинг ҳаммаси ҳалокатга учради, уларнинг ҳужумлари бефойда. Россия уруш бошламайди, Россия урушни тугатади”, деди Стремоусов.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина қўшинлари Херсон ва Николаев вилоятларида уюштирилган ҳужум пайтида 560 дан ортиқ одам, 26 танк ва иккита ҳужумчи самолётини йўқотганини маълум қилди. Ҳужумга уриниш муваффақиятсиз якунлангани таъкидланди.
Махсус операция давомида Россия ҳарбийлари Херсон ва Запорожье вилоятининг Азов денгизига туташ қисмини назоратга олди, Херсон, Мелитополь ва Бердянск каби йирик шаҳарларни озод қилди. Ҳар икки вилоятда янги маъмуриятлар шакллантирилди, Россия телеканаллари ва радиостанциялари эфирга узатилмоқда, Қрим билан савдо ва транспорт алоқалари тикланмоқда. Вилоятлар Россия таркибига кириш режаларини эълон қилди. Бундан ташқари, саккиз йил ўтгач, Шимолий Қрим канали блокдан чиқарилди.