ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Сентябр ойида Ўзбекистонда MOKKOJI KOREA Бутунжаҳон корейс маданияти фестивали бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган.
Фестивал 24-25 сентябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Тадбир Корея Республикаси Маданият, спорт ва туризм вазирлиги ҳамда Корея халқаро маданий алмашинув фонди ҳамкорлигида ташкил этилади.
"Бу йил Ўзбекистон ва Малайзия танланди. Дунёнинг қолган мамлакатлари фестивални онлайн кузатиб боради. Машҳур К-поп санъаткорларининг концертига чипталарни харид қилиб бўлмайди – фақат ютиб олиш мумкин”, - дейди ташкилотчилар.
Концертда қўшиқчи, репэр, актёр ва EXO гуруҳи раққосаси Кай, қўшиқчи Ailee, бойзбэнд F.able иштирок этади.
Чипталар ўйини MOKKOJI KOREA сайтида бўлиб ўтади. Ғолиблар тасодифий тарзда танлаб олинади. Биринчи ўйин 17 август куни бўлиб ўтди, иккинчи ва учинчи ўйинлар 31 август ва 7 сентябр кунлари бўлиб ўтади.
Шунингдек, 24 ва 25 сентабр кунлари бўлиб ўтадиган кўргазмалар вақтидаги мусобақаларда қатнашиб, чипталарни ютиб олиш мумкин.
Фестивал доирасида корейс кино кўргазмаси бўлиб ўтади, бунда ташриф буюрувчилар машҳур сериаллардан либосларни кўриш имкониятига эга бўладилар. Фестивал “Анҳор Локомотив” боғидаги Axelon Karting Club’да бўлиб ўтади.
Ўзбекистон кўплаб хорижий давлатлар билан маданий алоқаларни ривожлантирмоқда. Масалан, Россиянинг таниқли артистлари мусиқа ва театр тадбирларининг кузги мавсумида иштирок этадилар.
8 сентябр куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи саҳнасида СССР халқ артисти, ЮНЕСКОнинг жаҳон артисти, дирижёр Владимир Спиваков бошчилигида Россия Миллий филармония оркестрининг хайрия концерти бўлиб ўтади. Октябрда виртуоз пианиночи Денис Мацуев ҳам чиқиш қилади.