ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Самарқанддаги “Ингичка” кони техноген чиқиндиларидан илк вольфрам маҳсулоти олинди. Бу ҳақида Олмалиқ кон-металлургия комбинати хабар берди.
“Ингичка” вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш ва вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
“Чиқиндиларни қайта ишлаш эвазига йилига 100 тонна вольфрам олинади. Эътиборлиси, бу лойиҳа 150 та янги иш ўринлари яратиш имконини берди”, дейилади хабарда.
Ҳозирги кунда жаҳон бозорида 1кг вольфрамнинг нархи - 40 доллар.
Маълумот учун, вольфрам нодир металлар сирасига киради ва қаттиқ қотишмалар учун асос ҳисобланади.
Вольфрамдан пўлатларни легирлашда, ейилишга чидамли ва иссиқбардош қаттиқ қотишмалар олишда фойдаланилади.
Шунингдек, авиация, космонавтика ва электротехникада кенг қўлланилади. Зичлиги юқори бўлганлиги учун ундан зирҳлар ҳам тайёрланади.