Байрам муносабати билан пенсия пуллари эртароқ берилади

Сентябрь ойи учун пенсия ва нафақа тўлов қайдномалари август ойида шакллантирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан пенсия тўловлари олдиндан юклаб берилади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

“Юртимиздаги кекса ёшдаги фуқароларни, пенсия ва нафақа олувчиларни ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва Мустақиллик байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан жорий йилнинг сентябрь ойи учун пенсия ва нафақа тўлов қайдномалари август ойида шакллантирилади”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жамғарма пенсия ва нафақа тўловларини бошлаш учун етарли маблағларни 2022 йил 1 сентябрга қадар тижорат банкларига молиялаштириб беради.
Пенсия ва нафақа тўловларини нақд пулсиз (банк карта) шаклда олувчи фуқароларнинг жорий йил сентябрь ойи учун пенсия ҳамда нафақалари 2022 йил 1 сентябрга қадар уларнинг банк пластик карталарига юклаб берилади.
Пенсия ва нафақа тўловларини нақд шаклда олувчи фуқароларга жорий йилнинг 5 сентябрдан бошлаб тасдиқланган графиклар асосида тўловлар бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Мустақиллик байрами муносабати билан Ўзбекистонликлар кетма-кет 4 кун дам олади:
1 сентябрь, пайшанба–Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни, ишланмайдиган байрам куни. Якшанба кунлари учун тасдиқланган жадваллар асосида;
2 сентябрь, жума – қўшимча дам олиш куни. Якшанба кунлари учун тасдиқланган жадваллар асосида;
3 сентябрь, шанба– одатий дам олиш куни. Шанба кунлари учун тасдиқланган жадваллар асосида;
4 сентябрь, якшанба –одатий дам олиш куни. Якшанба кунлари учун тасдиқланган жадваллар асосида.