ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Украинадаги вазият туфайли Россияни тарк этган АҚШ компаниялари Туркия орқали у билан яширин савдо қилиш йўлини қидирмоқда. Бу ҳақда “Yeni Safak” газетаси турк ишбилармон доираларидаги манбаларга таяниб хабар берди.
“Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтмоқчи бўлган кўплаб Америка компаниялари турк компанияларига маълум комиссия эвазига биргаликда бизнес қилишни таклиф қилмоқда. Биз суҳбатлашган ишбилармонлар сўнгги ойларда Америка компанияларидан бундай таклифлар кўпайганини таъкидлади. Қўшма Штатларда штаб-квартираси жойлашган кўплаб халқаро компаниялар Дубайнинг эркин зоналарида ташкил этилган шўъба корхоналарини ушбу бизнес учун сафарбар қилди. Турк компанияларига қўшма савдо таклифлари билан мурожаат қилаётган Америка компаниялари Россия бозоридаги йўқотишларини қоплаш учун бу усулга мурожаат қилади”, - деб ёзади нашр.
Март ойида Украинада махсус операция бошланганидан сўнг АҚШ Савдо палатаси вице-президенти Майрон Бриллиант Туркияга ташриф буюриб, ҳам сиёсатчилар, ҳам ишбилармонлар билан учрашган.
“Ташрифни баҳолаган АҚШнинг Анқарадаги элчиси Жефф Флейк Россиядан чиқишга тайёрланаётган 5 минг америкалик компаниянинг манзили сифатида Туркияни кўрсатганини айтди. Туркиянинг Россия билан илиқ алоқаларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётган Америка компаниялари ҳам Туркия компанияларининг минтақадаги самарали логистика имкониятларидан фойдаланмоқчи”, деб ёзади газета.
Россиянинг Украинада махсус операцияси бошланганидан сўнг Ғарб давлатлари Россияга қарши, хусусан, энергия ресурсларини сотиб олиш бўйича санкциялар жорий қила бошлади.
Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва кучсизлантириш сиёсати Ғарб учун узоқ муддатли стратегия эканлигини ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини айтди.