ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Янги ўқув йили учун 190 мингдан зиёд абитуриент бакалавриат таълим йўналиши бўйича талабаликка тавсия этилди. Бу ҳақида Давлат тест маркази хабар берди.
Айтилишича, 39 962 нафар талаба давлат гранти, 150 413 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишни бошлайди.
Талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг таълим шакллари бўйича тақсимоти:
Кундузги таълим шакли — 118 352 нафар;
Сиртқи таълим шакли — 45 407 нафар;
Кечки таълим шакли — 9 139 нафар;
Масофавий таълим шакли — 3 416 нафар.
Танлов натижаларига кўра, давлат гранти асосида ўртача балл 121,2 балл, тўлов-контракт асосида ўртача балл 95,9 баллни ташкил этди.
“Талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг 176 мингдан зиёди — умумий қабул параметрлари доирасида, 13 мингдан зиёди — имтиёзга эга абитуриентлар учун ажратилган қўшимча қабул параметрлари доирасида тавсия этилган”, дейилади хабарда.
Унга кўра:
ногиронлиги бўлган шахслар — 3,2 минг нафар;
“Меҳрибонлик” уйи, Болалар шаҳарчаси битирувчилари бўлган ҳамда васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар — 272 нафар;
муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлганлар — 4,7 минг нафар;
ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари — 1,9 минг нафар;
Ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандлари — 739 нафар;
эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар — 1,9 минг нафар;
камида 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар — 379 нафар.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда ОТМларга кириш учун жами 1 млн 214 минг 232 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Уларнинг 67 фоизи аввалги йиллар битирувчилари ҳисобланади. Абитуриентларнинг ярмидан кўпи кундузги таълимни, 8,3 минг нафари эса масофавий таълимни танлаган.