Тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш бўйича кўрилган чоралар ҳақида маълумот берилди

Тадбиркорлар билан ўтказилган “Очиқ мулоқот”га қандай тайёгарлик кўрилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Бугун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 22 август куни давлат раҳбари ва тадбиркорлар ўртасида ўтказилган “Очиқ мулоқот” якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бахтиёр Раҳимов, бизнес-омбудсман Дилмурод Косимов, ССП раиси биринчи ўринбосари Ислом Жасимов, республика ОАВ вакиллари, блогерлар иштирок этди.
“Очиқ мулоқот”га тайёргарлик доирасида кўрилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда тадбиркорлар мурожаатларини тўплаш ва таҳлил қилиш бўйича “Колл-марказ” ҳамда Республика штабини ташкил этди. Штаб фаолияти давомида 12 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, бугунги кунга қадар мурожаатларнинг 85 % ижобий ҳал этилди.
Бу йилги “Очиқ мулоқот”га тайёргарлик бутунлай бошқача савияда ташкил этилди. 17-18 август кунлари “Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги” 9 та энг долзарб масала бўйича панел сессиялари ўтказилди, унда 50 дан ортиқ вазирлик ва идоралар раҳбари, шунингдек, 15 нафар хорижий экспертлар иштирок этди.
Интерфаол шаклда марказий ва ҳудудий студияларда 3500 нафардан ортиқ тадбиркор ҳам иштирок этди. 531 нафар тадбиркор ўз муаммоларини билдириш имконига эга бўлиб, уларнинг 60 %дан ортиғи бевосита сессиялар давомида ҳал этилди, қолганлари бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Шунингдек, “Очиқ мулоқот” доирасида давлат раҳбари ташаббуси билан 5 нафар тадбиркор “Меҳнат шуҳрати” ордени, 11 нафар тадбиркор “Дўстлик” ордени, 13 нафар тадбиркор “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Бундан ташқари “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони таъсис этилиб, 100 нафар энг яхши тадбиркорлар тақдирланди ҳамда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.
Матбуот анжуманида сўзга чиққанлар давлат раҳбари томонидан 5 та устувор йўналиш бўйича илгари сурилган 87 та ташаббусга батафсил тўхталиб ўтдилар.
Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар, сўзга чиққанлар уларга атрофлича жавоб олдилар.