Қачон 1-синфга онлайн қабул жараёни якунланади

Бугунги кунга қадар республика бўйича 692 минг нафардан ортиқ болалар умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Эртага 1-синфга онлайн қабул жараёни якунланади. Бу ҳақида Халқ таълими вазирли хабар берди.
Қайд этилишича, янги ўқув йилининг 1-синфга қабул жараёнлари 30 август куни соат 18.00да якунланади.
Хабарда вазирлик барча мактаб раҳбарлари, шу жумладан, нодавлат таълим ташкилотидан барча ўқувчиларни adm.maktab.uz электрон платформасига киритиш жараёнини якунлашларини сўраган.
“Эртага мактаб ўқувчиларини ўз вақтида "Президент совғаси" ва дарсликлар билан таъминлаш учун қабул жараёнлари якунланади” дейилади хабарда.
Мактаб ёшига (7 ёш) етган фарзандини 1-синфга жойлаштиришга улгурмаган ота-оналар қабул масаласида 18.00 га қадар мурожаат этишлари мумкин.
Маълумот учун, бугунги кунга қадар республика бўйича 692 минг нафардан ортиқ болалар умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинди.
Шунингдек, электрон қабул жараёнлари ўтказилаётган ҳудудудларда 105 минг нафардан ортиқ болалар my.maktab.uz платформаси орқали мактабларга онлайн тарзда қабул қилинди.