ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Одесса мэри Геннадий Труханов Италиянинг “Corriere della Sera” газетасига берган интервьюсида Россия билан музокаралар олиб боришга чақирди.
“Менимча, сиёсий йўналишда музокаралар олиб бориш муҳим, миллионлаб одамларнинг ҳаёти хавф остида”, деди Одесса мэри.
Унинг фикрича, Украина 1991 йилги чегараларга қайтиши керак, бироқ бу босқичма-босқич амалга оширилиши лозим. Бундан ташқари, сиёсатчи Украина президенти Владимир Зеленскийни вилоятлар ва муниципалитетларга кўпроқ мухторият бермагани учун танқид қилди. Труханов, шунингдек, Екатерина II, Пушкин ва Гагарин ёдгорликларини бузишга қарши чиқди.
Одесса мэри Украина расмийларининг Россияга қарши қадамларига биринчи марта қарши чиқаётгани йўқ. Июнь ойида сиёсатчи шаҳардаги Пушкин кўчаси номи ўзгартирилгандан кейин “русча ҳамма нарсага нисбатан нафрат” кучайиб бораётганидан хавотир билдирганди.
24 февралдан бери Россия Украинани денацификация ва демилитаризация қилиш бўйича ҳарбий махсус операция ўтказмоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг вазифаси “саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Россия президентининг сўзларига кўра, якуний мақсад Донбассни озод қилиш ва Россиянинг ўзи хавфсизлигини кафолатлайдиган шарт-шароитларни яратишдир.
Россия армияси ДХР ва ЛХР кучлари билан биргаликда Луганск Халқ Республикасини ва Донецкнинг муҳим қисмини, жумладан Волновахани, Мариуполни ва Святогорскни бутунлай озод қилди.