ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Миришкор туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг нуронийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Араббой Хосиятов 65 ёшда талаба бўлди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Араббой Хосиятов Чирчиқ давлат педагогика институтининг ижтимоий иш (фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари) йўналишига талабаликка тавсия этилган.
2022 йилда ОТМларга кириш учун жами 1 млн 214 минг 232 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Уларнинг 67 фоизи аввалги йиллар битирувчилари ҳисобланади. Абитуриентларнинг ярмидан кўпи кундузги таълимни, 8,3 минг нафари эса масофавий таълимни танлаган.
Энг кўп ҳужжат Қашқадарё ва Самарқанд вилоятидан, энг ками эса Сирдарё вилоятидан топширилган.
Халқ таълим вазирлиги берган маълумотларга кўра, 2022 йилги тест синовларида иштирок этган жами абитуриентларнинг 386 523 нафар ёки 24 %и жорий йилги мактаб битирувчиларини ташкил этади. 810 мингдан ортиқ ёки 76 % абитуриентлар касб-ҳунар мактаблари, академик лицейлар битирувчилари ва энг асосий қисми олдинги йиллар давомида олий таълим муассасаларига қабул қилинмаган ёшлардан иборат.
Эслатиб ўтамиз, 2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари эълон қилинди. Танлов натижаларини 6 хил усулда билиш мумкин.
5 сентябрдан бошлаб барча босқич талабалари (бакалавр, магистр, суперконтракт) тўлов-шартномани онлайн юклаб, тўловни амалга оширишлари мумкин.