Дзюдо: Ўзбекистон ЖЧнинг жамоавий баҳсларида бронза медалига сазовор бўлди

Дзюдо бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг дзюдо тарихи янгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Ўзбекистон Сараево шаҳрида (Босния ва Герцеговина) бўлиб ўтган дзюдо бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида жамоавий баҳсларда бронза медали сазовор бўлди. Бу ҳақда республика Дзюдо федерацияси хабар берди.
Ўзбекистонлик дзюдочилар гуруҳ босқичининг илк даврасида Мўғулистон вакилларини енгишди. Кейинги баҳсларда эса украиналикларга имконият бой бериб қўйишди. Бронза медали йўлидаги ўтиш беллашувида Канада жамоаси устидан зафар қучишди.
Ўзбекистон терма жамоаси бронза медали учун кечган асосий беллашувда тунислик дзюдочиларни 4-0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Шу тариқа, Ўзбекистон кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.
“Кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида ҳали шу пайтгача совриндор бўлмаган эдик. Демак, бу борада ҳам тарих янгиланди!”, - дейилган хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистон жамоаси Жаҳон биринчилигининг яккалик беллашувларида 1 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллагани хабар қилинган эди.