АҚШ қўшинлари кетганидан кейин Афғонистондаги иқтисодий вазият ёмонлашди - БМТ

Алакбаров: Афғонистонда иқтисодий фаоллик, базавий иқтисодиётнинг йўқлиги гуманитар соҳага юкнинг ортишига олиб келади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Афғонистонда АҚШ ва иттифоқчилар қўшинлари чиқиб кетганидан кейин иқтисодий вазият сезиларли даражада ёмонлашди. Бу ҳақда БМТнинг Афғонистондаги гуманитар масалалар бўйича координатори Рамиз Алакбаров РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Афғонистондаги ҳокимият алмашиши мамлакатдаги оғир гуманитар вазиятга қандайдир таъсир кўрсатдими, деган саволга жавоб берар экан, Алакбаров “Ўтган бир йил ичида бизда, биринчи навбатда, иқтисодий таназзул кузатилди”, деди.
“Ҳамма нарса узилиб қолди. Шу муносабат билан таназзул кузатилмоқда”, дея таъкидлади координатор.
Алакбаров таъкидлаганидек, иқтисодий фаоллик, базавий иқтисодиётнинг йўқлиги гуманитар соҳага юкнинг ортишига олиб келади.
“Аввалги давлат бюджети 13,5 миллиард доллар эди. Тузилиши бизга маълум бўлмаган жорий давлат бюджети харажатлар қисми 3 миллиардни ташкил этади. Биз эса улар нимага сарфланишини билмаймиз”, деди у.
Координаторнинг сўзларига кўра, умуман олганда, Афғонистондаги халқаро иштирок бир йил олдингига нисбатан сезиларли даражада камайди.
“Хорижий ёрдам ҳажми анча кам. Албатта, бу омилларнинг барчаси туфайли вазият ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ёмонлашди. Ягона нарса шундаки, очиқ тўқнашув йўқ, ҳарбий фаоллик аввалгидек катта. Иқтисодий нуқтаи назардан эса вазият бутунлай бошқача”, дейди Алакбаров.
2021 йил август ойи бошида “Толибон”* Афғонистон ҳукумат кучларига қарши ҳужумларини кучайтирди ва 15 августда толиблар Кобулга кириб келди. Эртаси куни улар уруш тугаганини эълон қилишди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинган эди. 31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий иштирокига якун ясади.
*Ташкилот террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остида.