ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлардан апелляция аризаларини қабул қилиш бошланди. Бу ҳақида Давлат тест маркази хабар берди.
Қайд этилишича, апелляция аризалари my.dtm.uz сайти орқали (абитуриентнинг шахсий кабинетида) онлайн тарзда қабул қилинмоқда ва 6 сентябрга қадар (10 кун) давом этади.
Апелляция шикоятларини кўриб чиқиш 7 сентябрдан бошланади.
Абитуриент апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим.
Маълумот учун, апелляция аризасини берган абитуриентга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.
Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хабарнома ва абитуриент рухсатномаси билан Давлат тест марказига келиши керак.