ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Америка Қўшма Штатлари Украинага бир доллар ҳам юбормаслиги керак, унинг ўрнига Вашингтон ички муаммоларга эътибор қаратиши лозим. Бу ҳақда АҚШ Республикачилар партияси аъзоси Дэн Бишоп “The American Conservative” нашрига берган интервьюсида таъкидлади.
24 август куни Қўшма Штатлар президенти Жо Байден Украинага энг катта ҳарбий ёрдам пакети – қарийб уч миллиард доллар ажратилишини эълон қилган эди.
“Украинага уч миллиард у ёқда турсин, бир доллар ҳам юбормаслигимиз керак. Биз Европадаги ҳар қандай иттифоқдошимиз сарфлашга тайёр бўлганидан анча кўп маблағ сарфладик, бироқ айни пайтда ўз чегарамиз хавфсизлигини таъминлаш учун бу маблағнинг кичик қисмини ҳам йиға олмаяпмиз”, - дейди конгрессмен.
Унга кўра, Киевнинг “узлуксиз” молиялаштирилиши Байденнинг “Американинг тугаши” сиёсатининг ёрқин намунасидир.
Аввалроқ Москва Украинага қурол етказиб берилгани учун НАТО давлатларига нота юборган. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини билдирган. Вазирликка кўра, НАТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали “ўт билан ўйнашмоқда”.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Украинага Ғарбдан қурол-яроғ юбориш Россия-Украина музокараларининг муваффақиятига ҳисса қўшмайди ва салбий таъсир кўрсатади.