ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Америка Қўшма Штатлари ва Ғарб санкциялари босимига қарши туриш учун Эрон билан яқинроқ савдо ва ҳарбий алоқаларни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” шарҳловчиси Бенуа Фокон маълум қилди.
Ғарбнинг Россияни дунёнинг қолган қисмидан ажратиб қўйиш истаги Кремлни иттифоқчилар билан ишлаш майдонларини кенгайтиришга ундамоқда.
Муаллифнинг қайд этишича, Россия ва Эрон ўртасидаги савдо ҳамда ҳарбий алоқаларнинг мустаҳкамланиши Қўшма Штатларни хавотирга солмоқда. Вашингтон бундай ҳамкорлик санкциялар оқибатларини юмшатишга ёрдам беришига ишонади – Москва ва Теҳрон янги бозорларга эга бўлади.
“Июль ойида Эрон Россия буғдойининг дунёдаги энг йирик харидорига айланди. Ўша ойда Россия коинотга Эрон сунъий йўлдошини учирди, бу Теҳроннинг космик дастури учун йирик муваффақият”, - деб ёзади Фокон.
Бундан ташқари, у дронлар билан биргаликдаги машқларга эътибор қаратди. Муаллиф икки давлат ўртасидаги савдо айланмасининг ўсишига ҳам ишора қилди.
Украинада Россия ҳарбий махсус операцияси бошланганидан сўнг, Ғарб Москвага нисбатан санкциялар босимини кучайтирди: Россиянинг юзлаб миллиард долларлик активлари музлатиб қўйилди, Европа Иттифоқи аллақачон еттита чекловчи чора-тадбирлар пакетини, жумладан кўмир ва нефтга эмбарго жорий қилди. Буларнинг барчаси аллақачон Ғарбнинг ўзи учун муаммога айланиб, инфляция ва озиқ-овқат ҳамда ёқилғи нархларининг кескин ошишига олиб келди.
Кремль Ғарбнинг ҳаракатларини иқтисодий уруш деб атади. Россия президенти Владимир Путин сўзларига кўра, Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси бўлиб, санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берди. АҚШ ва Европанинг асосий мақсади эса миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир.