Ўзбекистон дзюдо бўйича кадетлар ўртасидаги ЖЧда умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллади

Босния ва Герцеговинадаги дунё биринчилигида Ўзбекистон жамоаси 1 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медалга эга чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Босния ва Герцеговинада дзюдо бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг яккалик баҳслари якунига етди. Унда Ўзбекистон жамоаси 1 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабар қилди.
Сараеводаги мусобақаларнинг сўнгги кунида Барчиной Қодирова (-70 кг) финалда италиялик рақибасини таслим этиб, жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди.
“Бу билан у Диёра Келдиёровадан сўнг кадетлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган иккинчи ўзбекистонлик дзюдочимизга айланди”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, -90 кг вазнда Аббос Шермаҳматов кумуш медални қўлга киритди. У финалда имкониятни венгриялик рақибига бой бериб қўйди.
Жаҳон чемпионатида Алишер Саманов (-81 кг), Шоҳжаҳон Отабоев (-66 кг) ва Сўғдиёна Рафкатова (-52 кг) кумуш медалга сазовор бўлишди.
Хуршида Раззоқбердиева (-63 кг), Самариддин Муҳбиддинов (-73 кг) ва Умидахон Бурхонжонова эса (-44 кг) бронза медалга эга чиқишди.
Босния ва Герцеговинада 24-28 август кунлари бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 60 та мамлакатдан бўлган 400 нафардан зиёд дзюдочилар медаль учун кураш олиб боришди.