Минскдаги ўрта мактабга ўзбекистонлик қаҳрамон номи номи берилди

Минск шаҳридаги 36-сонли ўрта мактабга Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони ўзбекистонлик Ғулом Ёқубов номи берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Беларусь пойтахти Минск шаҳридаги 36-сонли ўрта мактабга ўзбекистонлик, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Ғулом Ёқубов номи берилди.
“Дунё” агентлигининг Ўзбекистоннинг Минскдаги элчихонаси маълумотларига таяниб ёзишича, тегишли қарор 28 июль куни қабул қилинган.
Минск шаҳридаги ўрта мактабга Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, ватандошимиз Ғулом Ёқубов номи берилди
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Совет Иттифоқи қаҳрамони Ғулом Ёқубов номи Минскдаги кўчаларидан бирига ҳам берилган эди.
Герой Советского Союза Гулям Якубов
Ғулом Ёқубов 1915 йил 15 май куни Мирзаобод қишлоғида туғилган. У 1942 йил фронтга кетади, 1944 йил ёзида пулемётчилар ротасига қўмондонлик қилган.
Ўзбекистон ҳарбий-тарихий жамияти маълумотига кўра, 1944 йил 23 июнь куни Беларусни озод қилиш бўйича ҳарбий операция бошланган. Унда Могилёв вилоятининг Лудчици қишлоғи яқинидаги 150,9 метр баландликда жойлашган тепаликни забт этиш катта аҳамиятга эга эди. Душман қўшини ва техникасини асосий ҳужум йўналишидан чалғитиш учун қўмондонлик мазкур тепаликка зарба беришга қарор қилди. 24 июнга ўтар кечаси капитан Ғулом Ёқубов бошчилигидаги пулемётчилар душманнинг учта окопини босиб ўтиб, тепаликни эгаллайди.
Шундан сўнг немис босқинчилари совет жангчиларини қўршаб олади. Капитан Ёқубов тепалик мудофаасини уюштиради ва бошқаради. Кучлар тенг бўлмаган жанг 20 соатча давом этади, жасур аскарлар душманнинг 40 та ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлади, бироқ Ёқубовнинг ўзи жангда мардларча ҳалок бўлади.
Бу вақтда, 1-Беларусь фронти қўшинлари тепаликдан жанубда, бир неча ўн километр олисликда фашистлар мудофаасини ёриб ўтиб, душманнинг Бобруйск гуруҳини сиқиб бориб ҳалқага қамраб олишга киришади.
1945 йил 24 март куни марҳум капитан Ғулом Ёқубовга Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган. Шунингдек, у ҳарбий хизматлари учун орден ва медаллар билан тақдирланган.
Ёқубовнинг бюсти Асака ва Андижон шаҳарларида ўрнатилган, Асака ва Биховдаги кўчалар, шунингдек Асакадаги 25-сонли мактабга унинг номи берилган.