ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

ШҲТ давлатлари мудофаа вазирлари дунё тартиби келажагини белгилашмоқда

ШҲТ нинг саккизта аъзо, тўртта кузатувчи ва олтита ҳамкор мамлакатлари музокараларда 3,6 млрд одам манфаатларини тақдим этишмоқда.
Sputnik
Бу дунё аҳолисининг деярли ярми дегани. Ва бугун улар Тошкентда дунё тартиби келажаги, жумладан, коллектив Ғарб - АҚШ ва НАТО аҳамиятини ҳам белгилашмоқда.
Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида 24 август куни ШҲТ га аъзо ва кузатувчи мақомидаги мамлакатлар мудофаа вазирлари учрашишмоқда. Шунингдек, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Беларусь давлатлари ҳарбий делегациялари ҳам иштирок этишмоқда. Ҳарбий соҳада ўзаро ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро хавф-хатарлар, шунингдек, АҚШнинг Россия ва Хитой чеккаларидаги вазиятни беқарорлаштириш, Европа ва Осиёни “қўзғатиш” американча “ўзига хослилик”ни сақлаб қолиш ниятида рақибларни заифлаштиришга уринишлари каби масалалар муҳокама қилинди.
ШҲТ мамлакатлари ҳарбий делегациялари 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси доирасида таҳдидларни зарарсизлантириш чораларини таклиф қилишди. Халқаро қуролли террористик гуруҳларнинг фаоллашаётгани фонида ШҲТ давлатлари мудофаа вазирлари ҳарбий қўмондонлик ва назорат органлари, кўшинларнинг ўзаро ҳамкорлигини ишлаб чиқиш учун “Тинчлик миссияси” қўшма кўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари муҳимлигини таъкидлашди.
Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамкасбларига “Тинчлик миссияси-2023” Россия ҳудудида бўлиб ўтишини, кузда эса Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда КХШТ маневрлар сериялари бўлиб ўтишини эслатиб ўтди.
Музокаралар доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтмоқда. Масалан, Беларусь ва Ҳиндистон мудофаа вазирлари Виктор Хренин ҳамда Раджнатх Сингхлар ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди. Шанхай ташкилоти давлатларининг хавфсизлиги кўп қиррали, кўп йўналишлар бўйича ўзаро ҳаракатни талаб қилади. Россия президенти Владимир Путин 23 август куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан сентябрь ойида Самарқандда бўладиган ШҲТ саммитини муҳокама қилишди.
Аввалроқ, Ўзбекистон пойтахтида ШҲТ мамлакатлари Хавфсизлик кенгаши котибларининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Унда РФ хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ҳамкорларга АҚШнинг минтақадаги “машғулотлари” “биринчи навбатда америкаликлар учун ҳарбий театрлар салоҳиятини ўрганиш, истиқболли нишонларнинг координаталарини аниқлаштириш ва юқори аниқликдаги қуроллар учун рақамли хариталарни тўғрилаш учун керак”лигини эслатиб ўтган эди.

Россиянинг позициялари

РФ Мудофаа вазири Сергей Шойгу тадбирда Шанхай ташкилотининг янги куч маркази сифатидаги роли ортиб бораётгани ва “тенглик ҳамда ўзаро ҳурматга асосланган давлатлараро муносабатлар модели”ни қайд этди. Айнан шунинг учун ҳарбий соҳада ҳамкорликни мустамҳкамлаш, халқаро беқарор вазият фонида умумий хавфсизлик бўйича мунтазам маслаҳатлашиш муҳим.
Россия Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича ҳар қандай халқаро ташаббусларни олқишлайди, ва шу билан бирга, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш чораларини кўради. Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда, (халқаро террористик ташкилотлар, наркотрафик, диний радикализм мафкураси) РФ мудофаа вазирлиги Тожикистон, Қирғизистондаги базалари ҳамда инқироз ҳолатларида жавоб бериш кучларининг ҳарбий тайёргарлигини оширади. Июнь ойида Москвада Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ҳарбий вазирлик раҳбарларининг илк учрашуви бўлиб ўтган ва учрашув афғон йўналишидаги оператив вазиятга бағишланган эди. Бугун Сергей Шойгу бундай учрашувлар ШҲТ майдонида ҳам бўлиши кераклигини айтди.
Россия Федерацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг жанговар салоҳиятини ҳарбий хавфсизлик соҳасида ахборот алмашиш орқали оширишни таклиф қилмоқда. ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирликлари ўртасида тезкор ахборот алмашинуви тўғрисида келишув лойиҳаси тайёрланди. Россия Федерацияси мудофаа вазири қўшма машғулотлар амалиётини ўтказиш, ноқонуний қуролли гуруҳларга қарши курашда илғор тажриба алмашишни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Устувор вазифалар – “учувчисиз учиш аппаратларига қарши кураш, ахборот ва биологик хавфсизлик”. Сергей Шойгу декабрь ойида ШҲТга аъзо давлатлар, МДҲ мамлакатлари ва бошқа дўст давлатлар мудофаа вазирларининг қўшма мажлисини коалиция хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказишни таклиф қилди.
Россия кўп қутблиликнинг янги шароитида Европада барқарорликнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Вашингтон раҳбарлигидаги Ғарб ўзаро хавфсизлик тизимларидан воз кечмоқда, Россиянинг НАТОни шарққа қараб кенгаймаслик борасидаги принципиал позициясини менсимаяпти. Сергей Шойгу глобал ҳукмронликни сақлаб қолиш учун “мустақил давлатларга мисли кўрилмаган босим ўтказаётган... очиқдан-очиқ шантаж, таҳдид, рангли инқилоблар ва давлат тўнтаришини қўллаётган” АҚШ ва коллектив Ғарбнинг ролини кескин баҳолади.
Россияга қарши гибрид уруш сифатида Украина танланган. Унинг ҳудудида Пентагоннинг 30 лабораторияларида махфий тарзда биологик қуроллар компонентлари ишлаб чиқарилган. Бундай ҳатти-ҳаракатлар ШҲТнинг барча мамлакатларига тўғридан-тўғри хавф туғдиради. Киев режими Минск келишувларини бажаришдан бош тортди, Донбассда, кейинчалик эса Россия Федерациясида ҳарбий таҳдидлар яратди. Буларнинг барчаси махсус ҳарбий операцияга эҳтиёж туғдирди. АҚШ ва НАТОнинг Украинага қурол етказиб бериши қурбонларни кўпайтиради, ҳарбий можарони чўзади. Албатта, Ғарб Россияни яккалаш ва заифлаштиришни мақсад қилган, Украина эса сарфланадиган материал ҳисобланади. РФ ШҲТ ҳамкорларига “приниципиал позицияси ва қўллаб- қувватлагани учун” миннатдор.
Глобал гегемонлик учун АҚШ Жануби-шарқий Осиёда шаклланган хавфсизлик тизимини бузишга уринмоқда. ШҲТ маконининг жанубий қанотида мураккаб давлатлараро қарама-қаршиликлар бор, Вашингтон “украиналаштиришга” ҳаракат қилаётган кескинлик ўчоқлари пайдо бўлмоқда.
Хитойни жиловлаш учун ҳарбий сиёсий блоклар КВАД (QUAD) ва АУКУС (AUKUS) яратилмоқда, минтақа мамлакатлари НАТО билан ҳамкорликка жалб қилинмоқда. Тайван муаммоси мақсадли равишда кескинлашмоқда, Жанубий Хитой ва Шарқий Хитой денгизларида ҳудудий низолар кучаймоқда. Шу билан бирга, минтақавий хавфсизлик “фақат АСEАН ва бошқа кўп томонлама ҳамкорлик механизмлари марказий роли билан барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминланиши мумкин”.
Сергей Шойгу Тошкентдаги учрашувда алоҳида таъкидлади: “Минтақавий ва глобал хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ШҲТ мамлакатларининг мустақил курси - бутун дунё учун намуна”. Эслатиб ўтаман, 2001 йилда ташкил этилган ШҲТ га саккиз мамлакат аъзо бўлган: Россия, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Ўзбекистон. Тўрт мамлакат- Беларусь, Афғонистон, Эрон ва Мўғулистон- кузатувчи давлат мақомига эга. Олтита мамлакат - Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-ланка - ШҲТ муносабатлари бўйича ҳамкорлардир. 2021 йилда ШҲТга Эронни қабул қилиш жараёнлари бошланган. Ташкилот штаб-квартираси Пекинда жойлашган. Сайёрада дунё аҳолисининг деярли ярмини бирлаштирадиган бундай ташкилотнинг муқобили йўқ.
Шубҳасиз, дунё тартибининг келажаги бугун Европа ёки Америкада эмас, балки Осиёда - ШҲТ доирасида белгиланяпти. Тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ташкилотнинг асосий устуворлиги бўлиб қолади. Бугунги учрашув натижалари ташкилотнинг кейинги ривожи, барқарорликни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлади. Сентябрь ойида Самарқандда ушбу констуруктив жараённинг давом этишига гувоҳ бўламиз.