Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграцияси соҳасида биринчи илмий анжуман ўтказади

Ўзбекистон Бош консулхонаси Россия Фанлар академиясининг Урал бўлими Иқтисодиёт институти билан миграция соҳасида илмий анжуман ўтказишга келишиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Сентябрь ойида Россияда ўзбек мигрантлари дуч келаётган муаммоларни илмий ўрганишга бағишланган биринчи илмий анжуман ўтказилади. Бу ҳақида "Дунё" АА хабар берди.
Айтилишича, Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари миграция соҳасида илмий анжуман ўтказиш мақсадида Россия Фанлар академиясининг Урал бўлими Иқтисодиёт институти директори Ю.Лаврикова билан музокара ўтказишди.
Институт раҳбариятига Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг иқтисодий, ижтимоий ва кундалик муаммолари ҳамда уларни ечиш йўлларига бағишланган илмий тадбир ўтказиш таклифи билдирилди.
“Мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида режалаштирилган тадбирга мигрантлар, диаспора вакиллари, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилмоқда”, дейилади хабарда.
Ю.Лаврикова ушбу таклифни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Унинг айтишича, институт ходимлари томонидан амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари доирасида МДҲ давлатларидан келган меҳнат муҳожирлари ўртасида қатор сўровлар ўтказилмоқда.