Ногиронлик пенсиясини қайта ҳисоблаш тартиби ўзгариши кутилмоқда

Агар қонун қабул қилинса, 2023 йилдан 75 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиялари ўртача 300 минг сўм қўшилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 24 август куни бўлиб ўтган мажлисда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда, ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса), I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.
Қонун лойиҳаси билан 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинлангандан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда ҳамда келгусида ҳар 2 йилда ногиронлик пенсия миқдорларини қайта ҳисоблаш амалиёти жорий этилади.
Молия вазирлиги раҳбарининг ўринбосари Жамшид Абруев бугунги кунда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган 782 минг киши рўйхатга олинганлигини, улардан 292 минг нафари меҳнатга лаёқатли эканлигини маълум қилди. Меҳнатга лаёқатлиларнинг атиги 15 фоизи ёки 43,8 минг нафарининг бандлиги таъминланган.
“Қонун қабул қилинган тақдирда, 2023 йилда 75 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиялари ўртача 300 минг сўм қўшилади. Келгусида меҳнат фаолиятини олиб борганларнинг пенсияси ҳар икки йилда бир марта қайта ҳисоблаб борилади”, - деди вазир ўринбосари.
Абруевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ногиронлик пенсияси миқдори 698 мингдан 2,7 миллион сўмгача ташкил этади, ўртача 1,1 миллион.
Қонунни амалга ошириш учун 2023 йилда давлат бюджетидан йилига қўшимча 275 миллиард сўм керак бўлади.
Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувларнинг олдини олиш, коррупциоген факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини оширишга хизмат қилади.