Фарғона ва Тольятти савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олди

Россияда Қўқон эркин иқтисодий зонаси ва Тольятти махсус иқтисодий зонаси ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Фарғона вилояти ва Тольятти шаҳри савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олди. Бу ҳақида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича айни кунларда Фарғона вилояти ҳокимлиги делегацияси Россия Федерациясида бўлиб турибди.
Ташриф давомида мамлакатдаги энг йирик технопарклардан бири инновацион ривожланиш ва кластер ташаббуслари маркази “Жигулёвская Долина” фаолияти билан танишилди.
Шунингдек, технопаркнинг бошқарув компанияси директори ўринбосари Андрей Беляев, Тольятти шаҳаридаги ишбилармонлар ва миграция соҳаси вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди. Унда шаҳарнинг инвестицион салоҳияти, IT йўналиши ва бошқа тармоқларда амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Бу борада Қўқон эркин иқтисодий зонаси ва Тольятти махсус иқтисодий зонаси ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Қолаверса, миграция соҳасида бир қатор корхоналар билан келишувга эришилди.
Делегация аъзолари шунингдек, Самара вилоятида вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқаролари ва турли олий ўқув юрталарида тахсил олаётган талабалар билан учрашишди.