Европа давлатлари темир пардани тушириб, ўзларини жазоламоқда – Володин

Россия Давлат думаси спикерига кўра, россияликларнинг киришига чекловлар туфайли Европа 21 миллиард евро йўқотади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Россия фуқароларига визалар бериш тақиқланган тақдирда Европа мамлакатлари катта йўқотишларга дучор бўлади. Бу ҳақда бугун Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Фуқароларимизнинг Европа Иттифоқи мамлакатларига киришини тақиқлаш таклифлари давом этмоқда. Аммо бу ташаббуслар кимдан чиқяпти? Ўз суверенитетини йўқотган Эстония, Латвия, Литва, Финляндия, Чехия, Польша, Украина давлатларидан”, - дейди Володин.
Дума спикерининг таъкидлашича, россияликларнинг киришига чекловлар туфайли Европа 21 миллиард евро йўқотади.
“Улар аҳмоқликлари ва жаҳолатлари туфайли мамлакатлари атрофига темир пардани тушириб, ўзларини жазоламоқда”, - дейди у.
Унинг қўшимча қилишича, дунё аҳолисининг 80 фоизи Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватламайди яъни руслар ташриф буюриши учун манзиллар бисёр.
“Лекин ўз инфратузилмамизни ривожлантириш яхшироқдир. Бизда ажойиб жойлар жуда кўп. Мамлакатимизда саёҳат қилиш ва дам олишга қулай керакли шароитни яратиш учун ҳамма нарса қилиш керак”, - дея хулоса қилган Россия Давлат думаси спикери.