ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Ўзбекистонда умумий овқатланиш корхоналари учун янги санитария-гигиена талаблари ўрнатилмоқда. Бу Санитария-эпидемиология хизмати томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги “Умумий овқатланиш корхоналарига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари”да белгиланган ва у Адлия вазирлиги томонидан ҳисобга олинган.
Ушбу янги талаблар билан тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилувчи айрим талаблар (сув таъминоти бўлмаганда корхона фаолиятини тўхтатиши, овқат тайёрлашда кўмир ва ўтиндан фойдаланишни тақиқлаш) бекор қилинди.
Ҳужжат билан қуйидаги санитария-гигиена талаблари белгиланди:
· умумий овқатланиш корхоналарида ичимлик суви билан таъминлаш марказлаштирилган сув таъминоти тизимига уланиш йўли билан амалга оширилиши;
· марказлаштирилган сув таъминоти бўлмаганда, ички сув таъминоти артезиан қудуғидан, бошқа қудуқлардан ёки каптажлардан фойдаланиш;
· чиқинди майдончасини белгиланган масофада жойлаштириш имкони бўлмаганда, чиқиндилар корхоналарнинг совитиш тизими, ювиш ва дезинфекциялаш имкони бўлган алоҳида хонасида сақланишига йўл қўйилиши.
Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарида қуйидагиларни амалга оширишга рухсат этилмайди:
· технологик жараён талабларига риоя қилишни таъминлаш имконияти мавжуд бўлмаганда маҳсулот тайёрлаш;
· яроқлилик муддати ўтган, сифатсиз ёки сифати бўйича шубҳали, бузилиш белгилари бўлган маҳсулотлардан фойдаланиш;
· герметик идишларда сабзавотли, гўштли, балиқли, қўзиқоринли консервалар тайёрлаш;
· қуритилган ва дудланган балиқ тайёрлаш ва қуритилган қўзиқоринлар тайёрлаш.
Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнида бевосита иштирок этувчи ходимлар томонидан иш бошлашдан олдин қуйидагилар амалга оширилиши шарт:
· заргарлик буюмлари, соатлар ечилиши;
· сочлар рўмол ёки қалпоқ остига йиғилиши;
· тоза санитария кийимлари кийилиши;
· қўллар илиқ сувда совун билан ювилиши ва дезинфекцияловчи воситалар билан ишлов берилиши, тирноқлар олинган ва лак сурилмаган бўлиши керак.