Сурхон давлат қўриқхонасида Туркистон силовсини тасвирга олинди - видео

Қўриқхонада ўрнатилган фотоқопқонга она ва бола силовсинларнинг завқли онлари видеотасвирга тушган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Сурхон давлат қўриқхонасида Туркистон силовсини тасвирга олинди. Бу ҳақида Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
Қўриқхонада ўрнатилган фотоқопқонга она ва боланинг завқли онлари тушиб қолган.
“Замонавий фотоқопқон табиатдаги ноёб жониворни юқори сифатдаги тасвир ва овоз билан камера объективига муҳрлагани ҳам эътиборлидир”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Туркистон силовсини Ўзбекистон ва халқаро "Қизил китоб"га киритилган бўлиб, ҳозирги кунда ноёб тур ҳисобланади. Ғарбий Тянь-Шань (Угом, Писком, Чотқол) ва Помир-Олой (Туркистон, Ҳисор, Кўҳитанг) тоғ тизмаларининг баланд қисмида яшайди.
Ҳозирда "Сурхон" давлат қўриқхонасига 20 та замонавий фотоқопқон ўрнатилган.