ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) янги куч маркази сифатидаги роли нотинч халқаро вазият фонида ортиб бормоқда, деб ҳисобламоқда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу.
Бугунги кунда ШҲТга 8 та давлат аъзо: Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон.
“Бундай шароитда ШҲТнинг роли янги куч маркази, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурматга асосланган давлатлараро муносабатлар модели, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш кафолати сифатида изчил ошиб бормоқда”, деди Шойгу чоршанба куни ШҲТ мудофаа вазирлари йиғилишда.
"Шунинг учун, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий хавфсизлик масалалари бўйича икки ва кўп томонлама форматларда мунтазам маслаҳатлашувлар олиб бориш муҳим".
Бундай ёндашувлар ушбу учрашувда имзоланиш учун тайёрланган якуний ҳужжатларда мустаҳкамланган, деди Россия мудофаа вазири.
Унинг сўзларига кўра, “бугунги учрашув ниҳоятда беқарор халқаро вазият фонида ўтмоқда”.
“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақасида, бутун дунёда бўлгани каби, таҳдидлар кучаймоқда, маҳаллий инқирозлар сусаймаяпти, янги жиддий чақириқлар пайдо бўлмоқда”, - деди Шойгу.
"АҚШ ва жамоавий Ғарб, - деди у, - глобал ҳукмронликни сақлаб қолиш учун мустақил давлатларга мисли кўрилмаган босим ўтказмоқда. Бунинг учун очиқ шантаж, таҳдидлар, рангли инқилоблар ва давлат тўнтаришидан фойдаланмоқда, қўпол дезинформация тарқалмоқда".
“Ғарбнинг қарама-қарши ҳаракатлари ва у жорий этаётган санкциялари натижасида жаҳон иқтисодиётидаги вазият ёмонлашмоқда, алоқалар бузилмоқда, сунъий равишда озиқ-овқат инқирози яратилмоқда”, — деди Россия мудофаа вазири.