Паратаэквондочилар Ўзбекистон ифтихорига айланишмоқда

Матонатли паратаэквондочилар Ўзбекистон байроғини нуфузли халқаро мусобақаларда баланд кўтаришда давом этишмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида паратаэквондо бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик спортчилар 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритишди.
Sputnik мухбири Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси билан боғланиб, чемпионатга оид маълумотларни сўраб билди.
“Осиё чемпионатида қитъaдан 10 та оғирлик категорияси бўйича 117 та спортчи иштирок этди. Мусобақалар жуда яхши ташкиллаштирилган. Спортчиларимиз мазкур чемпионатда жуда яхши натижа кўрсатишди”, - деди Осиё чемпионатида иштирок этган мураббий, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Бобур Қўзиев.
Мазкур чемпионатда паратаэквондо бўйича иштирок этган 8 нафар ўзбекистонлик спортчидан 6 нафари медалга сазовор бўлди. Қудрат Ҳайдаров (63 кг), Гулжаной Наимова (65 кг) олтин, Зиёда Исоқова (47 кг) кумуш, Қудрат Суюнов (63 кг), Асил Ҳусанов (70 кг), Асадбек Анваров эса (80 кг) бронза медаль билан тақдирланди.
“Қудрат Ҳайдаров Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди, тез кунларда Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро мусобақада иштирок этишга йўлланмани қўлга киритди. Мен бошқа спортчиларни ҳам ушбу мусобақага тайёрлаяпман, насиб қилса, Ўзбекистонга яна медаллар олиб келамиз”, - деди фахр билан мураббий.
Осиё чемпионати: ўзбекистонлик пара таэквондочилар умумжамоа ҳисобида 2 ўринни қўлга киритишди
Бобур Қўзиев 2017 йили Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида “Дунёнинг энг яхши мураббийси”, жорий йили март ойида Эроннинг Теҳрон шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон таэквондо президенти кубоги (Осиё қитъаси) халқаро ўйинларида “Осиёнинг энг яхши мураббийси” деб топилган.
Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида “Мусобақанинг энг яхши мураббийси” номинацияси бўйича тақдирланди.
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими мутахассиси Бахтиёр Тоштемиров чемпионатда олтин медални қўлга киритган паратаэквондочи Гулжаной Наимованинг аввалги ютуқларини ҳам келтириб ўтди.
“Гулжаной Наимова кетма-кет 6 та мусобақанинг барчасида ғолибликни ҳеч кимга бермаяпти! У чиндан Ўзбекистоннинг ифтихорига айланди, десам ҳам бўлади. Вьетнамдаги олтин медали билан у ўзининг спортдаги рейтингини яна бир маротаба мустаҳкамлади”, - деди Тоштемиров.
Осиё чемпионати: ўзбекистонлик пара таэквондочилар умумжамоа ҳисобида 2 ўринни қўлга киритишди
Гулжаной Наимова 2021 йилнинг ўзида Оман - Осиё очиқ чемпионатида, Япониядаги Паралимпия ўйинларида, Туркиядаги Жаҳон чемпионатида, 2022 йилда Эрондаги Президент кубогида, Болгариядаги “Гран-при” мусобақасида ҳам олтин медални қўлга киритган.
“Таэквондочи эришган мазкур натижалар Ўзбекистонда Паралимпия ҳаракатига қаратилаётган давлат миқёсидаги эътибор ва ғамхўрликнинг самараси. Биз спортчилардан ҳали кўплаб ғалабаларни кутиб қоламиз”, - дея хулоса қилди мутахассис.
Паратаэквондочилар 25 август куни соат 19:00 да Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинади.