Украинадаги можаро Европанинг орзусини барбод қилди – ОАВ

Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россия газидан воз кечишини эълон қилган, бироқ бундай “мустақиллик” учун пул тўлаш керак бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Украинадаги узоқ давом этган можаро туфайли Европа иқтисодиёти инқирозга учради. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзмоқда.
“Бу йил Европа учун ажойиб йил бўлиши керак эди. Аммо 24 февралда ҳаммаси ўзгарди. Нормал ҳолат йўқолиб, инқироз доимий бўлиб қолди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқига таназзул ва қиш яқинлашмоқда, бу эса европаликлар энергия ресурслари тақчиллиги билан дуч келишини англатади.
“Ўзгаришлар кескин. Бир йил аввал 2022 йил учун иқтисодий ўсиш тахминан беш фоиз бўлиши башорат қилинган эди. Энди қишки таназзул асосий сценарийга айланмоқда”, деб ёзилган хабарда.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россия газидан воз кечишини эълон қилган, бироқ бундай “мустақиллик” учун пул тўлаш керак бўлади.
“Келажакда бу энергия нархининг ошиши ва унинг ортидан инфляцияни англатади, чунки Европа Иттифоқи ўзининг энг катта ва энг арзон энергия манбаларидан воз кечиши керак”, деб хулоса қилинади мақолада.
Украинани денацификация ва демилитаризация қилиш бўйича махсус ҳарбий операция бошланганидан сўнг Ғарб Москвага нисбатан санкциялар босимини кучайтирди. Чекловчи чоралар биринчи навбатда банк сектори ва юқори технологияли маҳсулотларга таъсир кўрсатди. Кўпгина брендлар Россиядан чиқишини эълон қилди.
Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва кучсизлантириш сиёсати Ғарб учун узоқ муддатли стратегия эканлигини ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европанинг асосий мақсади миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир.