Мирзиёев Озарбайжон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Мулоқот давомида келгуси кузда икки мамлакат ҳудудлари форуми ва саноат салоҳияти кўргазмасини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбарлари амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш лозим эканини таъкидлаб ўтишди.
Шу маънода, келгуси кузда икки мамлакат ҳудудлари форуми ва саноат салоҳияти кўргазмасини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак кўп томонлама учрашувлар, шу жумладан Самарқанд шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитларининг режаси ва кун тартиби кўриб чиқилди.
Маълумот учун, август ойи бошида қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар, транспорт ва савдо вазирларининг биринчи учрашуви самарали ўтказилди.
Жорий йилда ўзаро товар айирбошлаш 70 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалиги, ипакчилик ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, кимё ва бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бошланди.
Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция фондини тез фурсатда ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда.