Маймун чечаги АҚШнинг барча штатларига тарқалди

Шу пайтгача касаллик аниқланмаган Вайоминг штатида биринчи инфекция ҳолати тасдиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 авг - Sputnik. Маймун чечаги касаллиги АҚШнинг барча 50 штатида қайд этилди. Бу ҳақда “ABC News” хабар берган.
Шу пайтгача касаллик аниқланмаган Вайоминг штатида биринчи инфекция ҳолати тасдиқланган. Вайоминг Соғлиқни сақлаш департаменти Шайенн пойтахтини ўз ичига олган Ларами округида катта ёшли эркакда инфекция ҳолатини эълон қилган.
Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг маълумотларига кўра, Қўшма Штатларда жами 15 433 киши маймун чечаги билан касалланган, уларнинг аксарияти Нью-Йорк (2910) ва Калифорния (2663) штатларида.
Маймун чечаги камдан-кам учрайдиган вирусли инфекция бўлиб, у одамлар орасида ҳам юқади. Бу одатда енгил ҳолат бўлиб, кўпчилик бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади, аммо баъзиларида асоратлар пайдо бўлиши мумкин. Маймун чечагининг дастлабки белгиларига иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, шишган лимфа тугунлари, титроқ ва чарчоқ киради. Кўпинча юздан бошланиб, кейин тананинг бошқа қисмларига тарқаладиган тошма пайдо бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда маймун чечаги касаллиги қайд этилмаган. Касалликнинг республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида “Маймун чечаги услубий қўлланмаси” лойиҳаси тайёрланган. Республика чегара-божхона постларида санитария-карантин пунктларининг иш фаолияти кучайтирилган.