Энди айрим асар нусхалари Ягона базада сақланади - тафсилотлар

Муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон назорат нусхалари Ягона базада муддатсиз сақланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йил 1 апрелдан бошлаб муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда Ягона базада сақланади. Бу Ҳукумат қабул қилган 469- сонли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасини юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини базага киртиш Интеллектуал мулк маркази томонидан мувофиқлаштирилади.
Объектнинг электрон назорат нусхалари депозитарийлар томонидан жойлаштирилади.
Ягона маълумотлар базасида қуйидагилар сақланади:
адабий, драма ва сценарий асарлар;
матнли ёки матнсиз мусиқий асарлар;
хореография асарлари ва пантомималар;
аудиовизуал ва фотография асарлар;
рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн иши ва бошқа тасвирий санъат асарлари;
барча турдаги электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар.
Муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон назорат нусхалари Ягона базада муддатсиз сақланади.
Ягона базага киритилган маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.