Цемент импорти камайди

Ўзбекистонга 7 ойда 1,3 млн тонна цемент импорт қилинган. Цемент асосан Тожикистондан харид қилинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. 2022 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистонга қиймати 52,5 млн долларга тенг бўлган 1,3 млн тонна цемент импорт қилинган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Статқўмга кўра, цемент импорти ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 421 минг тоннага камайган.
2022 йилнинг 7 ойида ойида Ўзбекистон Тожикистонда 533 минг тонна, Қирғизистондан 385 минг тонна ва Қозоғистондан 353 минг тонна цемент импорт қилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Туркманистондан 11,5 минг тонна, Эрондан 6,7 минг тонна ва Хитойдан 1,4 минг тоннадан ценмент сотиб олган.
Жорий йилнинг дастлабки етти ойида Ўзбекистон Россиядан 782 тонна цемент харид қилган.
Эслатиб ўтамиз, 18 май куни Қашқадарё вилоятида йирик қувватга эга “Қарши конч цемент” цемент заводи ишга туширилгани ҳақида хабар берган эдик. Янги корхона Китоб туманидаги 62 гектар ер майдонда жойлашган бўлиб у ерда 400га яқин одам ишлайди. Цемент заводи йилига 1,2 миллион тонна М-400, М-500 ва М-600 маркали цемент ишлаб чиқариш қувватига эга.