ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Санкт-Петербург давлат университетининг онлайн мактаби келгуси ўқув йили учун иштирокчиларни қабул қилиш жараёнлари бошланганини эълон қилди. Бу ҳақида Россотрудничествонинг “Рус уйи” ваколатхонаси хабар берди.
Санкт-Петербург университетининг онлайн мактаби - бу ноёб таълим лойиҳаси бўлиб, унда хорижлик ўқувчилар университетнинг етакчи ўқитувчилари томонидан рус мактабининг ўрта ва юқори синфлари ўқув режасига мувофиқ фанларни қўшимча равишда ўрганадилар.
Шундай қилиб, янги ўқув йилида 5-11-синф ўқувчилари учун қуйидаги фанлардан дарслар ўтказилади:
биология;
география;
тарих;
адабиёт;
математика;
ижтимоий фанлар;
атрофдаги олам;
рус тили;
физика;
кимё.
Мактабда хорижий фуқаролар билан бир қаторда, чет элда яшовчи руслар ҳам таълим олишлари мумкин. Ўқув жараёнлари бепул амалга оширилади. Дарслар 8 октябрдан бошланади ва 2023 йил май ойи сўнгига қадар ҳар шанба куни олиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Санкт-Петербург давлат университетининг ваколатхонаси очилгани маълум қилинганди. Ваколатхона ҳудуддаги олий ўқув юртлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, корпоратив сектор билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, рус тили, тарихи ва маданиятини тарғиб қилиш, шунингдек, академик алмашинувларни, қўшма илмий ва таълим лойиҳаларини ривожлантириш билан шуғулланади.