Шавкат Мирзиёев Туркия президентига таъзия билдирди

Туркияда рўй берган иккита йирик авария оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Мардин ва Газиантеп провинцияларида юз берган йўл ҳаракати ҳодисалари оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан президент Режеп Таййип Эрдоғанга таъзия мактуби йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби маълум қилди.
“Давлатимиз раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганлар тезда соғайиб кетишини тилади”, - дейилади хабарда.
Туркия жанубида автобус тўхтаб турган тез ёрдам машинаси, ўт ўчириш машинаси ва “Ihlas” ахборот агентлиги автомобилига келиб урилди. Улар илгари рўй берган ЙТҲ жойида туришганди. Авария 16 кишининг умрига зомин бўлди, яна 22 киши жабрланди.
Кейинроқ Мардин провинциясида юк машинаси тормоз ишламай қолгани сабаб оломонни босиб кетди. Натижада 19 киши ҳалок бўлди.