Ер қаъри участкаларини ҳадя қилиш ва мерос қилиб қолдириш тақиқланиши мумкин

Ер қаъри участкаларидан фойдаланишда бир марталик бонуслар ўрнига ҳар йилги тўловлар ҳамда йиллик минимал харажатлар жорий қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. Ўзбекистонда ер қаъри участкаларини ҳадя қилиш ва мерос қилиб қолдириш тақиқлаб қўйилиши кутилмоқда. Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Ваҳоб Муродқобилов депутатлар "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишига тайёрланишаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасида фойдали қазилма турлари аниқ белгиланяпти. Асосий фойдали қазилмалар (барча металлар ва углеводородлар) ҳамда норуда фойдали қазилмалар (цемент, ойна, кимё хом ашёлари, мармар, гранит, базалт, қум-шағал, оҳактош ва бошқалар)га ажратилмоқда.
Белгиланаётган нормалар билан геологик жиҳатдан кам ўрганилган ҳудудларни халқаро стандарт асосида блокларга бўлиш тизими жорий этилади. Тегишли лицензиялар талабгор мурожаатига кўра "биринчи келган — биринчи олади" принципи асосида шаффоф механизмлар орқали берилади.
Ўрганилганлик даражаси ва кон очиш салоҳияти юқори бўлган майдонларни E-auksion платформасида онлайн-аукцион натижаларига кўра берилиши белгиланмоқда. Кам ўрганилган, олис жойлардаги участкалар "биринчи келган — биринчи олади" тамойили асосида берилади, ўрганиш даражаси юқори истиқболли майдон ва конлар аукцион ва танловларга чиқарилади.
Ер қаъри участкаларидан фойдаланишда бир марталик бонуслар ўрнига ҳар йилги тўловлар ҳамда йиллик минимал харажатлар жорий қилинади. Бу лицензиарни ўз участкасида тезроқ геология-қидирув ва қазиш ишларини ўтказишга ундайди, объектлар самарасиз туриб қолмайди.
Ер қаъри участкаларини сотиш, ҳадя қилиш, мерос қилиб қолдириш, омонатга ёки гаровга қўйиш тақиқланмоқда.
Ортиқча юкни қисқартириш мақсадида лицензия олишда талаб этиладиган муайян ҳужжатлар, йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоблар, талабгор молиявий маблағлари, мавжуд техника ва бошқа имкониятлари каби маълумотлар рўйхати бекор қилинмоқда.
Ерости бойликларидан фойдаланишдаги махсус ваколатли давлат органлари ваколат доиралари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Майдон ёки кондан фойдаланиш тугаганидан сўнг, атроф-муҳитни қайта тиклаш, рекултивация қилиш тадбирлари молиявий манбалари тизимли шакллантирилиб, кафолатли бажарилиши таъминланади.