Тошкентда фуқарода куйдирги касаллиги аниқландими – баёнот

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фуқарода куйдирги кассалиги қайд этилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. Тошкент шаҳрида куйдирги касаллигига чалиниш ҳолати қайд этилмади. Бу ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълум қилди.
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг Юнусобод туманида куйдирги касаллиги аниқланди, деган мазмундаги хабарлар тарқалди.
Айтилишича, 16 август куни Учтепа туманидаги 26-сонли оилавий поликлиникада “Куйдирги касаллигининг табиий ўчоқларидан келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш” мавзусида кўргазмали махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилган.
Унда эпидемиолог мутахассис томонидан интервьюда 2022 йил давомида Юнусобод туманида яшовчи бир нафар фуқарода мазкур хасталик аниқланганига доир тасдиқланмаган маълумот берилган.
Қайд этилишича, 2 февраль куни куйдирги касаллигига гумонланиб тиббиёт муассасасига мурожаат қилган Юнусобод туманида яшовчи фуқарода чуқурлаштирилган лаборатор текширувлар олиб борилган.
Текширув натижасига кўра, фуқарода хасталик ўз тасдиғини топмаган.