ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев амалий ташриф билан Сочига келди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати маълум қилди.
“Давлат раҳбари ташриф доирасида Россия президенти Владимир Путин билан икки томонлама учрашув ўтказади”, дейилади хабарда.
Кремль матбуот хизмати таъкидлаганидек, олий даражадаги мунтазам мулоқотни давом эттиришда президентлар “Россия-Қозоғистон муносабатларини янада ривожлантириш, стратегик шериклик ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишни” режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, томонлар жорий йилда Қозоғистон раислик қилаётган интеграция бирлашмалари, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтади. Ўз навбатида, Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, музокаралар чоғида давлат раҳбарлари “Қозоғистон-Россия стратегик шериклигининг долзарб масалалари, жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш”ни кўриб чиқишади.
Путин ва Тоқаевнинг аввалги учрашуви июнь ойи охирида Ашхободдаги олтинчи Каспий саммити чоғида бўлиб ўтган эди. Бундан ташқари, ёзда президентлар Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида музокаралар ўтказди.