ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилади. Бу ҳақида 18 август куни президент томонидан имзоланган қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, V Ислом бирдамлиги ўйинларида олтин медални қўлга киритган спортчиларга 5 000 доллар миқдорида бир марталик пул мукофотлари берилади.
Кумуш медаль олган спортчилар 3 000 доллар, бронза медаль совриндорлари эса 2 000 доллар миқдордаги пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.
Ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тайёрлаган тренерларга ҳар бир медаль учун бир марталик пул мукофотлари берилади:
олтин медаль учун – 2 500 доллар;
кумуш медаль учун – 1 500 доллар;
бронза медаль учун – 1 000 доллар.
Маълумот учун, Ислом бирдамлик ўйинлари Туркиянинг Коня вилоятида 8 августдан 18 августга қадар бўлиб ўтди. Мусобақада 54 давлатдан 4200 нафар спортчилар иштирок этишди. Мусобақанинг якуний натижаларига кўра Ўзбекистон спортчилари умумжамоа ҳисобида 158та медаль билан иккинчи ўринни эгаллашди. Биринчи ўринни 341та медаль билан Туркия, учинчи ўринда 133та медаль билан Эрон жамоалари эгаллаган.