ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Россия Қуролли Кучлари Харьковда 90 дан ортиқ хорижлик ёлланма аскарни йўқ қилди. Бу ҳақда пайшанба куни Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков маълум қилди.
“Ердан юқори аниқликдаги қурол Харьков шаҳридаги хорижлик ёлланма аскарларнинг вақтинчалик базасига зарба берди. 90 дан ортиқ жангари йўқ қилинди”, - деди у.
Конашенковнинг сўзларига кўра, Россия Аэрокосмик кучларининг армия авиацияси Николаев вилоятининг Посад-Покров туманида Украина Қуролли Кучлари 28-механиклаштирилган бригадасининг 1-баталони вақтинча жойлаштириш нуқтасига ҳужум қилган. Натижада 60 га яқин миллатчи ва саккизта махсус техника йўқ қилинган.
Россия 24 февраль куни Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Россия президенти Владимир Путин ушбу операциянинг мақсади саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш деб атаган.
Бунинг учун Украинани демилитаризация (ҳарбий инфратузилмаларини йўқ қилиш) ва денацификация (миллатчилик ғояларидан тозалаш) қилиш талаб этилади.
Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Қуролли Кучлар фақат ҳарбий инфратузилма ва Украина қўшинларига зарба бермоқда. 25 мартга келиб улар биринчи босқичнинг асосий вазифаларини бажаришди - Украинанинг жанговар салоҳиятини сезиларли даражада камайтиришди.
Россия Мудофаа вазирлиги энди асосий мақсад - Донбассни озод қилиш эканини таъкидлаган. 3 июль куни Луганск халқ республикаси тўлиқ озод қилинди.